Ota 4 yashar qizini ayovsiz kaltaklagani internetni larzaga keltirdi

27 792
56 32

Бу дунёда фарзанддек ширин неъмат бўлмаса керак. Фарзанди борлар ота-оналик туйғуси қанчалик ёқимли ва сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ҳисларни ҳадя этишини яхши билишади.

Жажжи қўлчалари билан сизнинг қўлингизни тутиб, кўзларингизга беғубор нигоҳини ташлаган гўдак фариштанинг ўзи эмасми? Ҳар бир аёл ва эркак илк фарзандини қўлга олган кунидан бошлаб, шукроналар айтишдан тинмаса керак. Аммо орамизда юраги “тош”лар ҳам борлиги ачинарли...

Қуйида тақдим этмоқчи бўлган видеомизни юраги бўшлар томоша қилишини тавсия қилмаган бўлар эдик. Бу видеони кўз ёшсиз кўришнинг имкони йўқ...

Ота ўзининг 4 ёшлар чамасидаги қизини калтаклаб, ҳақоратласа... Етмагандек буни ўз телефонига камерага олса... Бундан ортиқ пасткашлик бормикин?

Ота қиёфасидаги ваҳший бу инсонга меҳр-муҳаббат туйғулари йироқлиги аниқ. Ҳа, ҳа айнан ваҳший инсон! Видеони томоша қилган ҳар қандай инсон ана шундай хулосани бериши тайин.

Ўзининг жажжи қизалоғини хўрлаган инсон ўз қилмишидан “фахрланиб” видеога олганми ёки қизнинг онасига юборганмикан? Ҳа, юборган!

Бегуноҳ ва беғубор қизчанинг “урманг” дея ёлвориши, унинг кўз ёшлари наҳотки отанинг қалбини титратмаган? Видеодаги отага саволларимиз бисёр аслида.

Ушбу видео кеча, 11 ноябрь куни “Ўзбекистон” телерадиоканали орқали эфирга узатилган “Учбурчак” ток-шоусида намойиш этилди.

Видеодаги гап-сўзлардан шуниси маълум бўлдики, қизалоқнинг онаси 2 йилдан буён Ўзбекистонда эмас. Онаси Туркияга кетганлигини отаси видеода кўп бора таъкидлаган.

“2 йилдан бери сенларни ким боқяпти? Менга керакмисан сен? Керакмассан. Онангга керакмисан? Онанг қаерда? 2 йилдан бери келдими, сенга шоколад олиб бердими?”, дея дўқ урган ота қизини калтаклаганча ана шу саволларни тинмай беради. Агар шўрлик қизча бу саволларга жавоб бера олганидами... Ахир отанинг ўзи бу саволларга жавоб бера олмайди-ку!

Қизалоқ эса кўз ёшларини артиб, “Йўқ сизга керакмасман, ҳозир кетаман, урманг” дея ёлвориши нақадар дилни азоблайди. Бешавқат ота ўгайдир деган фикр ҳам пайдо бўлади кишида. Шундай ҳам дейлик, бироқ жажжи қизалоққа қандай қўл кўтариш мумкин? Инсоният қонуниятлари ҳам бунга зиддир.

Бу видео “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилувчи “Учбурчак” кўрсатуви орқали намойиш этилганида, студияда кўз ёш тўкмаган, отани ланъатламаган томошабин қолмади.

Ўзбек халқини “болажон халқ” дея таърифлайдилар. Бунинг аксини намоён қилган бу видео бутун халқ ҳақида “янги” хулоса уйғотмаслиги керак. Бу ҳолат содир бўлганида қариндош-уруғ қаерда эди? Қўни-қўшни нега хабар олмади? Тўғри, ҳозирги кунда ҳамманинг ташвиши ўзига етарли. Аммо маҳалла раислари қаерга қараяпти? Улар эмасми ўз маҳалласидаги ҳар бир хонадондаги муҳитни ўрганадиган инсонлар?! Афсуски, бу воқеадан улар бехабар кўринишади. Йўқса 4 ёшли қизчасини аёвсиз калтаклаган бу киши аллақачон қонун олдида жавоб берган бўларди!

“Учбурчак” кўрсатувида иштирок этган Ички ишлар вазирлиги ходими бу ҳолатни жиноят эканлигини хулоса қилди. Ота фарзандига нафақат жисмоний зарба берган, балки қизалоқнинг руҳиятига ҳам таъсир ўтказган. Шу сабаб у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши, жамоат ёки аҳлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши мумкин. Буни вақт кўрсатади, суд эса қонуний ҳукм қилади.

Айни вақтда қизалоқ қай аҳволда экани номаълум, аммо умид қиламизки, унинг келажакдаги ҳаёти меҳр-муҳаббатга бой бўлади.